Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея билан ҳамкорликнинг еттита йўналишини белгилади

Фото: president uz

Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида келгуси 3 йил учун Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистон раҳбари буни “Икки мамлакатнинг юқори технологияли ва инновацион ҳамкорлигининг янги даври” деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.

Шу муносабат билан ҳукуматларга Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хаб яратиш бўйича стратегик дастурни тайёрлаш топширилди. Айни пайтда стратегиянинг туб йўналишлари сифатида бир қатор устувор соҳаларда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.

Биринчидан, ўта муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик. Бу ресурс базасини чуқур қайта ишлаган ҳолда қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини яратишни назарда тутади.

Иккинчи. Корея Республикаси анъанавий равишда глобал етакчилардан бири ҳисобланган яримўтказгичлар соҳасида стратегик ҳамкорлик. Бу борада мамлакатимизда минтақада биринчи яхлит илмий-ишлаб чиқариш кластерини барпо этиш режалаштирилган.

Учинчи. Кимё саноатида кенг кўламли ҳамкорлик. “Яшил” водород ва аммиак ишлаб чиқариш, шунингдек, тайёр резин-техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган.

Тўртинчи. Машинасозликда кооперацияни чуқурлаштириш. Жорий йил баҳорида Жиззах вилоятида KIA автомобилларини йиғиш линиясини ишга туширилди. Келгуси йилда йилига 60 мингдан ортиқ седан ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган.

Бешинчи. “Ақлли” қишлоқ хўжалигини яратишга технологияларни жалб қилиш, шу жумладан, аграр тармоқни рақамлаштириш, «ақлли» ва «яшил» технологияларни жорий этиш. Мамлакат ҳудудларида қайта тикланадиган энергия манбалари асосида замонавий иссиқхона хўжаликлари ва боғдорчилик мажмуаларини барпо этиш юзасидан келишувларга эришилган.

Олтинчи. Инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарсозлик дастури. Корея банклари ва компанияларининг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида турар-жой ва тижорат объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга қизиқиши юқори экани таъкидланди.

Еттинчи. Замонавий ва хавфсиз энергетика. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун томонлар энергетика вазирлари даражасида стратегик мулоқотни қайта тиклашга ва унинг навбатдаги йиғилишини яқин орада Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олдилар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.