Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тожикистонга боради

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.

«Ташриф дастурига мувофиқ, Душанбе шаҳрида олий даражадаги музокаралар, қатор икки томонлама учрашув ва қўшма тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Кун тартибидан Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган», – дейилади хабарда.

Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.