Шавкат Умурзоқовнинг шаҳар Кенгаши депутати этиб сайлангани қонунийми
Тошкент шаҳар Кенгашининг 104-сессиясида Тошкент шаҳрининг амалдаги ҳокими Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан мазкур вакиллик органига депутат этиб сайланди.
Интрига шундаки, Умурзоқов оддий депутат мақомида қоладими ёки бу унинг шаҳар Кенгаши раислигига сайланиши учун қилинган қадамми?
Эндиликда унинг пойтахт халқ депутатлари Кенгаши раиси этиб сайланиши Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири билан тақиқланган, чунки Бош Қомуснинг 120-моддасида “Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас”.
Пойтахт халқ депутатлари Кенгаши Ўзбекистоннинг янги Конституцияси талабларига қанчалик қатъий амал қилаётганини Кенгашнинг кейинги фаолияти кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 120-модда:
Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимияти вакиллик органларидир.
Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати — беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайлови ва халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.
Янгидан ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда халқ депутатлари Кенгашларига сайлов халқ депутатлари Кенгашларига навбатдаги умумий сайловларга қадар қолган даврдан ошмайдиган муддатга ўтказилади.
Шарҳлар