Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар жамоаси бронза медалини қўлга киритди
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтган 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 11-тур беллашувларининг сўнгги тур баҳсида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Франция терма жамоасини тор-мор этди ва 17 очко билан бронза медалига мушарраф бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шиддатли беллашувда Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров рақиблари билан муроса йўлини танлаган бўлса, Шамсиддин Воҳидов Максим Лагардени мағлуб этди.
Ҳар икки йилда бир марта ўтадиган олимпиада якунига кўра, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 3-ўринни, 17 очкога эга чиққан АҚШ терма жамоаси қўшимча кўрсаткичлар бўйича 2-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонлик қизлар терма жамоаси Туркия устидан ғалаба қозонди. Нодира Нодиржонова ҳамда Нилуфар Ёқуббоева ғалаба қозонган бўлса, Умида Омонова дуранг қайд этди. Афрўза Ҳамдамова эса рақибига имкониятни бой берди.
Қизлар терма жамоаси якуний жадвалда 12-поғонани банд этди. Ўзбекистон терма жамоаси қўшимча кўрсаткичлар эвазига Хитой, Украина, Польша, Болгария, Аргентина жамоаларини ортда қолдирди.
Шахмат олимпиадасининг тахталар кесимида 1-тахтада Нодирбек Абдусатторов 2-ўринни, 4-тахтада Шамсиддин Воҳидов 1-ўринни қўлга киритди.
Аёллар ўртасида 4-тахтада Нодира Нодиржонова 3-ўриндан жой эгаллади.
Шарҳлар