Шойгу: ғарбпараст ноҳукумат ташкилотлар Марказий Осиёда аксилроссия фаолиятини кучайтирди
Россиянинг Украинадаги махсус операцияси фонида ғарбпараст ноҳукумат ташкилотлари Марказий Осиёда аксилроссия фаолиятини кучайтирди, бу билан минтақа давлатларининг Россия билан ҳарбий-техникавий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлигига халал бермоқчи. Аммо Россия Мудофаа вазирлиги олдини олувчи чоралар кўрмоқда, деб маълум қилди Россия ҳарбий идораси раҳбари Сергей Шойгу.
“Минтақадаги шароит оғир бўлиб қолмоқда. Энг катта таҳдид аввалгидек, Афғонистон ҳудудидан кузатилмоқда”, — деди Шойгу вазирлик коллегияси мажлисида.
“Ўтган бир йил ичида ИШИД жангарилари сони 15 фоизга ўсди. Уларнинг асосий мақсади КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)нинг жанубий чегараларида радикал мафкурани ва қўпорувчилик фаолиятини тарқатишдан иборат”, — деди Шойгу.
Шу билан бир вақтда Марказий Осиё республикаларида наркотиклар ишлаб чиқариш деярли 20 фоизга ўсиши кутилмоқда, дея қўшиб қўйди у.
Бундан ташқари, Шойгунинг сўзларига кўра, “минтақада юздан ортиқ йирик ғарбпараст ноҳукумат ташкилотлар фаолият олиб боради, уларнинг 16 мингдан зиёд ваколатхоналари ва филиаллари бор”.
“Махсус ҳарбий операция фонида бу ноҳукумат ташкилотлар минтақа давлатларининг Россия билан ҳарбий-техникавий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлигига халал бериш мақсадида ўз аксилроссия фаолиятини кучайтирди. Олдини олувчи хусусиятга эга чораларни кўряпмиз”, — дея қўшимча қилди Шойгу.
Унинг айтишича, 2024 йилда Марказий ҳарбий округда асосий саъй-ҳаракатлар минтақадаги мамлакатларда инқирозли вазиятларни ҳал қилишга ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида еттита ўқув машғулотларида қатнашишга қаратилади.
“Қўшинларни тайёрлаш жараёнига КХШТ Тезкор жавоб кўрсатиш коллектив кучларининг “Ҳамкорлик-2024” машғулоти якун ясайди, унда бешта давлат ҳарбий контингенти иштирок этади”, — деди у.
Шарҳлар