Шу йилнинг 1 октябридан барча ҳудудларда 14 та IT-техникум очилади
Шу йилнинг 1 октябридан барча ҳудудларда 14 та IT-техникум очилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда 2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ҳам ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этмагани кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари ушбу лойиҳани ҳар бир мактабга етказиш, зарур ҳолларда уларни қўшимча компьютерлар билан таъминлаш, болаларни ўқишга кенг жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
«Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай ўқув курслари жойлардаги Ёшлар маркази, “Ишга марҳамат” моно-марказлари негизида ҳам ташкил этилиши айтилди.
Бугунги кунда мамлакатда ахборот технологияларига ихтисослашган 100 та мактаб фаолият юритмоқда. Келгуси икки йилда бундай муассасаларни 205 тага етказиб, 30 мингдан зиёд ўқувчиларни ўқитиш режалаштирилган, – дейилади хабарда.
Шарҳлар