Шуҳрат Ғаниев ҳокимларни қўшиб ёзганлиги учун танқид қилди

Кадр видео

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раислигида 30 июнь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишидан видео тарқалди, деб ёзади “Газета” нашри.

Кадрларда маслаҳатчи ўринбосарининг туман ҳокимлари ва бошқа мутасаддиларни танқид қилгани, айримларини жавобгарликка тортиш бўйича прокуратурага топшириқ бергани акс этган.

«Ҳозир Қамаши тумани ҳокими [Ботир Тоғаев], Ғузор тумани ҳокими [Бекзод Суюнов]ни чақириб, идорангизга боринг. Кўкдала тумани ҳокими [Хуррам Жўраев]ни ҳам чақириб, оғайни, сув бўйича жавобгар қиласиз. Учта туман „водхози“ раҳбарини ҳам жиноий жавобгарликка тортасиз. [Сув хўжалиги вазири Шавкат] Ҳамроев учаласиниям ҳозир ишдан олиб ташлайди. Ҳокимини ҳам жиноий жавобгарликка тортасиз. Ҳозир уч нафар ҳоким ўринбосарини ҳам ишдан оламиз», — деди у.

Сўнг Нишон тумани ҳокими Мухтор Хайитмуродовга юзланиб, уни буғдойдан бўшаган ерларга қайта экиш бўйича рақамларни қўшиб ёзишда айблади.

«Катта холангнинг чорвоғими бу, Мухтор? Бу нима қилганинг? 6200 гектар босворибсан. Гапир, Мухтор. Ҳозир бориб ўлчайми?» — деб сўради Шуҳрат Ғаниев.

Бунга жавобан ҳоким топшириқ қайта кўриб чиқилаётганини айтди. «Нима қиласан бунақа ёлғон маълумотни бериб? Кимни алдаяпсан?» — деди маслаҳатчи ўринбосари.

«Қарши тумани 5830 гектар экиб ташлабди, 3315 та хонадонга 1100 гектар хонадонга эктириб ташлабди», — деди Шуҳрат Ғаниев. Туман ҳокими Беҳзоджон Юсупов эса бу рақамларни яна бир бор ўрганишини билдирди.

«Сен жипириқ, рақамларни кўрмайсанми? Демак, такрорий экин бўйича ишламаяпсан экан-да, жипириқ? (Прокуратурага мурожаат қилиб — таҳр.) Ҳозир Косон, Қарши, Нишон, Миришкор туманлари ҳокимларини чақирасиз, хўпми?» — деди у.

Президент маслаҳатчиси ўринбосари Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев томонидан тақдим этилган 2700 оилага мўлжалланган 900 гектар (жами 4900 гектар) ерга экин экиш бўйича маълумот прокуратура томонидан текширилиши кераклигини айтди.

Ҳозир борсак, бирга юриб, 4900 гектарнинг ҳеч бўлмаса 4000 гектарини кўрсатиб бероласанми? — сўради у. Туман ҳокими «ҳаммма эътирозлар ўринли», деди.

«Йўқ, эътироз эмас, виждонсиз… Номард, шунчалик ҳам алдайсанми?» — деди Шуҳрат Ғаниев.

Шундан сўнг Ғаниев Навоий вилояти Хатирчи тумани раҳбариятини танқид қилди, унинг сўзларига кўра, «ҳали 5 минг гектар ғалла ўриб бўлингани йўқ».

«Жинни бу. Жинни бўлсанг, сал бир қонунийроқ, фаҳм-фаросати ишлайдиган жинни бўл, Хатирчида ўтирган раҳбарлар. Шунақаям жинни бўласанми? Жиннининг жинниси экансан-ку», — деди у.

Президент маслаҳатчиси ўринбосари Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида 9 минг 700 гектарда такрорий экин экиб бўлингани бўйича савол берди. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шунқор Худойбердиев бу борада ноаниқликлар борлигини тасдиқлади.

Шундан сўнг Шуҳрат Ғаниев Пастдарғом тумани ҳокими Ваҳобжон Муротқобиловга юзланиб, «эс-ҳушинг жойидами?» деб сўради. Туман ҳокими 9642 гектар ерга экин экилганини таъкидлади. Маслаҳатчи ўринбосари унинг ёлғон гапираётганини айтиб, вилоят ҳокими ўринбосари Шунқор Худойбердиевдан «унинг миясини жойига тушириб қўйишини» сўради.

Шуҳрат Ғаниев шу йилнинг январь ойида президент маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланганди. Бунгача у 2020−2022 йилларда бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.

Шуҳрат Ғаниев олдин ҳам ўз баёнотлари ва хатти-ҳаракатлари ортидан бир неча бор танқид қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.