Швейцария Гулнора Каримовани жиноий ташкилотга раҳбарлик қилишда айблади
Швейцария федерал прокурори пайшанба куни собиқ Ўзбекистон президентининг қизига пора олиш ва «Офис» деб номланувчи пухта ўйланган жиноий ташкилотни бошқаришда айблаб, айблов эълон қилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters ёзади.
Ўзбекистонни 1991—2016 йилларда бошқарган Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар миқдорида пора олгани айтилаётган ишга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда. У айбловларни рад этмоқда. Бош прокуратура (OAG) маълумотларига кўра, пуллар бир қанча мамлакатлардаги банк ҳисоб рақамлари орқали ўтган ва кейин Швейцариядаги ҳисоб рақамларига ўтказилган.
“Ушбу банк ҳисобварақларининг бенефициар эгалари “сохта шахслар” бўлган, улар ҳақиқий бенефициар Гулнора Каримова эканлиги фактини яширган”, – дейилади OAG хабарида.
Сўз аллақачон Ўзбекистонга қайтариш учун мусодара қилинган 340 миллион швейцария франки (370 миллион АҚШ доллари) ҳақида бормоқда.
Каримовага ва айблов хулосасида номи тилга олинмаган Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги филиалининг собиқ бош директори бўлган яна бир айбланувчига нисбатан суд муҳокамаси жараёнида 440 миллион франкдан ортиқ маблағ ҳибсда турибди.
Каримова айни дамда давлат маблағларини ўзлаштириш ва товламачиликда айбланиб қамоқда сақланмоқда. Каримова айбловларга шикоят келтирган бўлиб, ўзини оқлаш учун курашади, дейди унинг швейцариялик адвокати Грегуар Манге.
«Жиноий ташкилот назарияси бутунлай баҳсли мавзу», – деган у Reuters агентлигига. «Швейцария прокурорлари бу мавзуни бор-йўғи бир йил олдин, тергов бошланганидан 10 йил ўтиб, муҳокама қилмоқда».
OAG маълумотларига кўра, камида 2001 йилдан 2013 йилгача Каримова бир неча ўнлаб одамлар ва кўп сонли компаниялардан иборат Офис” деб номланувчи жиноий ташкилотга раҳбарлик қилган, улар ўзларининг жиноий фаолиятини профессионал бизнес сифатида олиб борган, бир вақтнинг ўзида “Офис” зўравонлик ва қўрқитиш билан шуғулланган.
Айблов хулосасида айтилишича, Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида ишламоқчи бўлган хорижий компаниялар Каримовага пора тўлашлари керак бўлган, у ўзидан “президентнинг қизи ва Ўзбекистон ҳукуматининг амалдори” сифатида икки томонлама мақомдан фойдаланган ва бу унга чексиз таъсир ўтказиш имконини берган.
Иш Швейцария Федерал жиноят судига топширилган.
Шарҳлар