Швейцария Россиядан олмос импортини тақиқлади
Швейцария ҳукумати Евроиттифоқ санкцияларининг Россия олмослари импортига тақиқни ўз ичига олувчи декабрдаги пакетига қўшилиши ҳақида эълон қилди.
“Швейцария Россияни даромад киримларининг ушбу муҳим оқимидан маҳрум қилиш учун 2023 йил 6 декабрдаги G7 саммитида келишилган чораларга қўшилади”, — дейилади ҳукумат коммюникесида. Чоралар 1 февралдан кучга киради.
Шунингдек, Швейцария Россиядан чўян ва суюлтирилган нефть гази импортига ҳамда мамлакатга литийли батареялар, учувчисиз учар қурилмалар учун моторлар, станоклар ва улар учун деталлар экспортини тақиқлади.
Россия фуқаролари ва у ерда яшайдиган шахсларга Швейцариянинг криптовалюталар билан боғлиқ хизматлар тақдим этувчи компанияларини назорат қилиш ҳам тақиқланади. 147 та жисмоний шахс ва компанияларга нисбатан Украинага қарши тажовузга алоқадор санкциялар киритди, ушбу рўйхатда аллақачон 1422 нафар одам ва 291 та ташкилот бор.
Швейцария Ғарб санкцияларига қўшилганидан кейин, Россия уни бетараф мамлакат деб ҳисобламай қўйди ва уни “дўст бўлмаган” мамлакатлар қаторига қўшди. Швейцариянинг ўзи ўзини нейтрал мамлакат деб ҳисоблашда давом этмоқда, бу хусусан, Украинага қурол етказиб беришдан бош тортганида намоён бўлди.
Шарҳлар