Си Цзиньпин коррупционерларга қарши репрессия тўлқинини эълон қилди
Хитой раҳбари Си Цзиньпин иқтисодиётнинг асосий тармоқлари — молия, энергетика ва инфратузилмага қаратилган коррупцияга қарши курашни кучайтиришни ваъда қилиб, «пашша ва чумолилар» билан курашишни эълон қилди.
CNN хабар беришича, Хитой раҳбари Компартия Интизомий қўмитасининг йиғилишида бундай ёрқин нутқ сўзлади. Унинг айтишича, Хитой «яширин хавфларни» енгиб ўтиши ва пора таклиф қилиш учун жазони қаттиқлаштириши керак.
«Ўн йиллик коррупцияга қарши кураш самарали бўлса-да, вазият мураккаблигича қолмоқда. Бундай мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, коррупцияга қарши курашда тўхтаб қолиш, бўшашиш ёки компромиссга бориш мумкин эмас», деди Си, партия «пашша ва чумолилар»нинг бузуқлигига қарши жазо чораларини кўриши зарурлигини таъкидлаб.
CNNning изоҳлашича, кинояларга бой хитой сиёсий тилида юқори мартабали амалдорларни «йўлбарслар» деб аташади, паст даражадаги амалдорларни эса «пашшалар» деб менсимаслик билан аташ мумкин.
«Пашша ва чумолиларга ишора камроқ кўзга ташланадиган ёки кичик коррупцияга нисбатан ишлатилади», деб изоҳлайди нашр.
Шу пайтгача, Си Цзиньпиннинг коррупцияга қарши кураши асосан Компартия, ҳукумат, армия ва давлат корхоналарига қаратилган эди. Энди эътибор айниқса давлат корхоналари, хусусан фармацевтика секторига қаратилади.
CNNнинг ёзишича, айни шу ҳафта КПК Интизомий қўмитаси йирик давлат компанияси China Everbright Group бошлиғи Тянь Шуаннинни партиядан чиқариб юборди. У «мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш», молиявий хавфларни бартараф этиш бўйича ҳаракатсизлик ва пора олишда айбланди. Шунингдек, унга нисбатан жиноий иш ҳам очилган.
Умуман олганда, CNN маълумотларига кўра, фақат ошкора манбалардан 2023 йил давомида Хитойнинг энг қудратли молиявий муассасалари раҳбарларидан ўн иккитасидан ортиғи, жумладан, собиқ Хитой Давлат банки раҳбари текширув остига олинган.
Шарҳлар