Самарқандда янги қурилаётган мактаб биносидаги сифатсиз ишлар бузилди
Самарқанд шаҳрида сифатсиз қурилишларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида мактаб биносидаги айрим ишлар буздирилди, дея хабар бермоқда “Газета.uz” вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига таяниб.
Қайд этилишича, шаҳарнинг Қорасув массивида Meʼmor complex MЧЖ томонидан қурилаётган 1800 ўринли мактаб биноси қурилиши давомида қатор қоидалар бузилган.
Хусусан, объект бўйича қурилиш ишларини ташкил қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилмаган, ҳудудга олиб келинган қурилиш материаллари тартибсиз ҳолда сақланган.
Объектда юритилиши керак бўлган ижро журналлари тегишли тартибда юритилмаган, фойдаланилаётган материалларининг ишлаб чиқариш сертификатлари олинмаган ҳамда ёпма плиталар меъёрларга амал қилинмаган ҳолда ўрнатилган.
«Бундан ташқари, бинонинг иккинчи қават деворларига терилган ғиштларнинг вертикал ва горизонтал оралиқ чоклари қоришма билан тўлиқ тўлдирилмагани ҳам аниқланди. Умуман олганда, юқоридаги қоидабузарликларга йўл қўйилишининг асосий сабаби буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик назорати ўз вақтида олиб борилмаганидадир» — деди инспекция маъсул ходими Cарвар Бобоназаров.
Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан инспекция томонидан бажаралиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган, сифатсиз ишлар жойида демонтаж қилдирилган.
Шарҳлар