Сирдарё вилоятида 5 ёшли қизча билан ахлоқсиз ҳаракатларни қилган фуқаро 10 йилга қамалди
Сирдарё вилоятида 5 ёшли қизча билан ахлоқсиз ҳаракатларни қилган фуқаро 10 йилга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар беради зўравонликка қарши NeMolchi.uz лойиҳаси.
“2023 йил 13 апрелда В.Г.нинг туғилган куни бўлиб, эрталаб у спиртли ичимлик истеъмол қила бошлаган. В.Г. ўзи яшайдиган уйининг бир қисмини эр-хотинга: эри, хотини ва беш ёшли қизига ижарага берган. Кечки овқатдан кейин қиз онасидан уй ҳовлисида ўйнашни илтимос қилган. Маст эркак қўшни қизчанинг ёлғиз ўйнаётганини кўриб, уни ёнига чақириб, мултфильмлар кўрсатиш ва бирга ўйнашни таклиф қилади. Қиз қўшнисининг таклифига рози бўлади, шундан сўнг В.Г. қизчани хонасига олиб кириб, қисман ечинтиради”.
Лойиҳага кўра, эркак ўзини қониқтира бошлади, у бутун жараённи видеога олишни бошлаган, шунингдек, қизчани ҳам суратга олган.
“Қизча қўрқиб кетиб, қўйиб юборишни сўраган, қочишга уринган, лекин эркак уни белидан маҳкам ушлаб олган. Шунчалик қаттиқ ушлаганки, қихча оғриқдан қаттиқ қичқира бошлаган, унинг ён томонларида кўкаришлар ва тирналган излар қолган, бу текширувда қайд этилди. Қизининг қичқириқларидан онаси ҳовлига югуриб чиққан. Қизини чақираётганини эшитган эркак қўрқиб кетиб, уни қўйиб юборган. Қизча хонадан югуриб чиқиб, ерга тушган телефонни ҳам ўзи билан олган ва онаси томонга югурган”.
Қиз дарров онасига ҳаммасини айтиб, телефонни берган, аёл видеони кўрган ва дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.
“В.Г. ўзини оқлаб, узр сўрай бошлаган, уни топширмасликни илтимос қилган, лекин она бу борада қатъий эди. 2023 йил 14 апрель куни В.Г. ҳибсга олинган”, — дейилади лойиҳа хабарида.
2023 йил июль ойида жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш натижасида пенсия ёшини ҳисобга олган ҳолда В.Г. Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмида (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни мажбурлаб қондириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, жазони умумий режимдаги колонияда ўташ билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмининг санкцияси 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. Бироқ, Жиноят кодексининг нормалари 60 ёшдан ошган шахслар учун жазони қисқартиришга имкон беради. Бундан ташқари, суд ҳукм чиқараётганда В.Г. нинг тавбаси, унинг ёши ва оилавий аҳволи ҳисобга олинди, шу муносабат билан В.Г.га нисбатан енгилроқ жазо (Жиноят кодекси махсус қисми моддасининг тегишли санкциясида назарда тутилган қуйи чегарадан паст) 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
“Пенсия ёши ҳатто болаларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларда ҳам жазони камайтиришга сабаб бўлаётгани биринчи марта эмас. Судланувчининг алкоголдан мастлиги, жабрланувчининг ёшлигига қарамай, эркак ҳали ҳам белгиланганидан камроқ жазо олишга муваффақ бўлди. Нега айбдорнинг ёшини енгиллаштирувчи ҳолат барча оғирлаштирувчи ҳолатлардан устун туради?”, — деган саволни ўртага ташлайди лойиҳа.
Шарҳлар