Сирдарёда 13 ёшли қиз ўз уйидан ўлик ҳолда топилди
Сирдарё вилоятида 13 ёшли қиз ўз уйидан ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Anhor.uz’га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Янгиер шаҳар ички ишлар бўлими навбатчилик қисмининг хабар беришича, 03-июл куни соат 19:30 ларда Янгиер шаҳар, Шукрона МФЙ, Бухоро кўчасида ижара асосида яшовчи С.М. Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Аёл ишдан уйига қайтганида уйнинг меҳмонхонасида 2011 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди С.K.нинг жасади ётганлигини айтган.
Ҳодиса содир бўлган жой тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида кўздан кечирилганида, ҳодиса жойидан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулфлар ашёвий далил тариқасида олинган.
Марҳума С.K.нинг мурдаси ташқи томондан кўздан кечирилганда, унинг олд пешона соҳаси чап томонида, бўйин олд соҳаси чап ва ўнг юзаси ўрта қисмида, чап сон соҳаси ўрта қисмида кўкимтир тусдаги қонталашлар ва қорин олд девори ўнг ёнбош соҳасида кўндаланг жойлашган чизиқли шилинма каби жароҳатлар борлиги аниқланган.
Марҳума С.K.нинг мурдаси кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Янгиер туманлараро суд тиббий экспертизаcининг 03-июлдаги (бирламчи) 43-сонли маълумотномасида вояга етмаган С.K.нмнг ўлими бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш натижасида келиб чиққан механик асфиксия сабаб бўлганлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу жиноятни фош этиш юзасидан вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимларидан иборат таркибда тузилган
тергов-тезкор гуруҳи томонидан жиноятни содир қилган шахсни аниқлаш юзасидан тезкор тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Й.X.ни қидириб топиш бўйича вилоят ИИБга алоҳида топшириқ берилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракати давом эттирилмоқда.
Шарҳлар