Сирдарё вилоятида жамоат транспорти тизими тубдан янгиланмоқда
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–59 сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоятига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилаётган, замонавий қулайликларга эга бўлган жами 40 дона янги автобуслар олиб келиниши режалаштирилган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Вилоят аҳолисига сифатли жамоат транспорти хизматларини йўлга қўйиш, жамоат транспорти паркини янгилаш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Учлик Ишонч Савдо” МЧЖ томонидан ХХРда ишлаб чиқарилган замонавий 8 дона YUTONG русумли автобуслар келтирилди.
Автобуслар паст полли, йўловчи сиғими катта, ногиронлиги бор фуқаролар учун пандуслар билан жиҳозланган, электрон табло ва электрон тўлов тизими (АТТО) қурилмалари ўрнатилган. Корхона томонидан жорий йил якунига қадар яна 12 дона янги автобуслар харид қилиш бўйича келишув шартномалари тузилмоқда.
Шунингдек, “Транс Имкон Сервис” МЧЖ томонидан ХХРда ишлаб чиқарилаётган замонавий турдаги 12 дона янги ZHONGTONG русумли автобуслар харид қилиш бўйича келишув шартномалари тузилди.
Бундан ташқари 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий ташувчи корхоналар томонидан Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган 5 дона HIGER русумли автобуслар ва 15 дона JAC русумли микроавтобуслар харид қилиниб, йўловчиларини ташиш ишларида хизмат кўрсатиш учун йўналишларига қўйилди.
Шарҳлар