Сирдарё оқиб ўтгани “сув текин” дегани эмас – Президент
Сайхунободда 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўсмаган. Мутасаддилар корхоналарга айланма учун пул бериб, маҳсулотни кўпайтиришга эътиборсиз бўлгани қайд этилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати ёзяпти.
«Бугунги кунда туманда 1 миллион сўмлик маҳсулот яратиш учун ўртача 126 киловатт-соат электр сарфланаяпти. Бу – вилоятни қолган туманларидан 2 карра кўп. Сабаби – 19 та маҳалладан 16 тасида юқори қўшилган қиймат яратадиган бирорта ишлаб чиқариш йўқ. Ваҳоланки, тумандаги тайёр инфратузилмаси бор 16 та бино ва иншоот қимматлиги учун бир йилдан буён сотилмай ташландиқ ётибди. Яна узоқ йиллардан бери бўш турган 5 та объект аукционга чиқарилмаган», – дейилади хабарда.
Тумандаги бирорта маҳаллада хом ашёни етказиш, борини қайта ишлаш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш ва кооперация қилиш бўйича тайинли иш олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бу борада маҳаллий саноатга масъул 13 та уюшма Сайхунободга 2023 йилда бирор марта келмаган. Бу йил учун ҳам режа қилмаган.
Туманни энг катта захираси ҳам, имконияти ҳам – ер. Масалан, Сайхунобод – аҳоли томорқаси 20 сотихдан ортиқ бўлган 26 та тумандан бири. Лекин бунинг 10 фоизи ишлатиляпти, асосий экин – беда билан макка бўлиб қолган.
«Сайхунободнинг 19 километр ҳудудидан Сирдарё оқиб ўтгани учун, “сув текин” деган тушунча ўрнашиб қолган. Туманда 89 та шоличилик фермер хўжалигида на лазерли текислагич, на ҳисоб-китоб бор. Шу ўринда, тумандаги 3 минг гектар шоли майдонларида ҳосилдорлик гектарига атиги 50 центнерни ташкил қилмоқда. Каналларни бетонлаш режаси 61 фоизга бажарилган, холос. Бу вилоятдаги энг ёмон кўрсаткич», – деган давлат раҳбари йиғилишда.
Шундан сўнг, Президент айтилган муаммоларнинг ечимларини белгилаб берган.
Энг аввало, Сайхунободда 17 мингта хонадонда томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали, аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Масъуллар 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, бу йил тадбиркорлик учун бериладиган 200 миллиард сўм ҳисобидан уларни ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади.
Бунда, маҳаллани “драйвер” йўналишидан келиб чиқиб, тумандаги 17 мингта хонадон кесимида томорқада қанча, саноатда қанча, савдо ва хизматларда қанча аҳоли банд бўлиши аниқ кўрсатилади.
Шарҳлар