,

Москвадаги “Крокус Сити Холл” концерт мажмуасидаги теракт. Шу пайтгача маълум бўлган асосий воқеалар

Москва вилояти Красногорск шаҳрида жойлашган “Крокус Сити Холл” консерт мажмуасида “Пикник” гуруҳи концерти бошланишидан олдин отишма ва ёнғин юз бергани ҳақида Россия Федерал хавфсизлик хизмати хабар қилди.

Залга партер орқали камуфляж кийган камида уч нафар эркак бостириб кириб, одамларни ўққа тутган ва учқун чиқарувчи шашкалар улоқтирган.

Ёнғин майдони 12,9 минг квадрат метрга етган. Эпицентр, дастлабки маълумотларга кўра, томошабинлар залида жойлашган. Унинг томи қулаб тушган.

Теракт оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, қурбонлар сони ўсиши мумкин.

РФ соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилишича, 115 киши касалхонага ётқизилган, уларнинг беш нафари болалар. 60 нафар катта одам ва бир нафар бола оғир аҳволда.

Путин теракт оқибатида жабрланганларга соғайиб кетишни тилади ва шифокорларга миннатдорлик билдирди, унинг гапларини бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова етказди.

ФХХ, ИИВ, Тергов қўмитаси ва Росгвардия раҳбарлари Путинга теракт юзасидан суриштирув ҳақида ҳисобот берди.

Россия Тергов қўмитаси теракт оқибатида ҳалок бўлганлар жасадларида портловчи қурилмалар бўлгани ҳақидаги маълумотларни рад этди.

АҚШ март ойида Москвада тайёрланаётган теракт ҳақида маълумотларни қўлга киритган ва уларни Россия томони билан бўлишган, дея маълум қилди Оқ уй.

АҚШ ҳукумати фикрича, “Крокус”га ҳужум ортида ИШИДнинг Афғонистондаги ячейкаси — “Вилоят Хуросон” турган бўлиши мумкин.

ИШИД гуруҳи (ташкилот дунёнинг кўпчилик мамлакатларида террорчилик ташкилоти деб тан олинган) “Крокус”га ҳужум юзасидан жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев концерт залида бўлиб ўтган фожиали воқеалар юзасидан Россия президенти Владимир Путинга чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Ўзбекистон ТИВ ушбу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралади.

АҚШ президенти Жо Байден террорчилик ҳаракати фонида Путин билан қўнғироқлашмоқчи эмас, дея маълум қилишди Оқ уйдан.

Яман хусийлари ҳам “Крокус”даги терактни қоралаб, қурбонлар оилаларига ҳамдардлик билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.