Bo'limsiz

Словакиянинг OFZ металлургия компанияси ишлаб чиқаришнинг бир қисмини Ўзбекистонга кўчиришни режалаштирмоқда

Фото: Viktor Mácha

OFZ металлургия компанияси ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисмини Словакиядан Ўзбекистонга ўтказишни режалаштирмоқда, деб ёзади Spot.uz нашри The Slovak Spectator нашрига таянган ҳолда.

Оравский Подзамок шаҳридаги ферроқотишмалар заводи охирги пайтларда энергия харажатларининг кескин ошишига дуч келди. Раҳбариятнинг қайд этишича, давлат томонидан етарли даражада ёрдам кўрсатилмаганлиги компанияни ишлаб чиқаришни Европа Иттифоқидан ташқарига ўтказишга ундамоқда.

Йил давомида компания вакиллари янги ишлаб чиқариш учун энг мос жойни излаш мақсадида турли мамлакатларга ташриф буюришди. Топ-менежерлар Ўзбекистонга тўхташдан олдин Ҳиндистон, Бразилия, Миср, Озарбайжон ва бошқа бир қанча мамлакатларга кўчиб ўтиш вариантларини кўриб чиқишди.

“Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Ўзбекистонда электр энергияси биз ҳозир Словакияда тўлаётган нархдан тахминан беш баравар арзон бўлади”, – дейди OFZ бош директори Бранислав Клочок.

Ишни янги бозорда Uz-Shindong Silicon қўшма корхонаси негизида бошлаш режалаштирилган. Компания октябрь ойида биринчи печни янги жойга ўрнатишга ва ишлаб чиқаришни ишга туширишга умид қилмоқда.

Энергия муаммолари туфайли OFZ ўз ходимларининг учдан икки қисмини ишдан бўшатиб, ўн ой давомида ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлди. Бошқа Словакия компаниялари ҳам энергия нархининг кўтарилишидан шикоят қилмоқда ва буни бошқа нарсалар қатори яшил энергияга «жуда тез» ўтишда айблашмоқда.

Республика Иқтисодиёт вазирлиги OFZ компаниясини қўшимча имтиёзлар ҳисобига қолишга кўндирмоқчи эмасликларини айтди. Агентликнинг таъкидлашича, завод сўнгги беш йилнинг учтасини зарар билан якунлаган, шу билан бирга, маҳсулот нархининг юқорилиги туфайли 2021 йилда фойда кўрган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.