Соғлиқни сақлаш вазири журналистларга «Антиструмин» мавзусига чуқур кирмасликни маслаҳат берди

Амрилло Иноятов. Фото: Минздрав.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 26 сентябрь куни 20:00 дан кейин вазирлик биносида журналистлар билан учрашди (ССВ матбуот хизмати мазкур учрашувга «Газета.uz»ни таклиф қилмади).

Суҳбат давомида вазир журналистларга қарийб 22 млрд сўмга харид қилинган «Антиструмин» дориси мавзусига чуқур кирмасликни маслаҳат берди. Бу ҳақда Дарё нашри хабар қилган (янгилик бироз муддатга ўчирилиб, қайта таҳрирдан сўнг яна эълон қилинди). Қолаверса, «Газета.uz»га мазкур гап-сўзлар ҳақиқатлигини учрашувда қатнашган бошқа журналистлар ҳам тасдиқлади, деб ёзади мазкур нашр.

Аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Samo» компаниясидан тендерсиз 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга сотиб олгани ҳақида маълум қилинганди. 2022 йилда дорининг бир қадоғи 5500 сўмдан харид қилинган бўлса, жорий йилда 6500 сўмдан сотиб олинган. Чакана савдода эса 3000 сўмдан сотилган.

ССВ масъуллари мазкур масалага тўхталар экан, вазирлик муассислигидаги МЧЖ «Антиструмин» дорисини сотиб олиш учун интернетда эълон берилганини айтди.

«Калий йодидни тўғридан-тўғри олиш ҳуқуқимиз бўлса-да, биз бу борада конкурс эълон қилганмиз. Энг арзон нархда сотиб олиш учун сайтда ўзбек ва рус тилларида эълон берилган. Бу эълондан келиб чиқиб, хоҳлаган иштирокчи, хорижлик бўлса ҳам, қатнашиши мумкин бўлган. Эълондан сўнг одатда бизга таклифлар келиб тушарди. Лекин бу эълондан сўнг бизга фақат „Samo“ МЧЖдан таклиф келиб тушган. Фақат бир кишидан», — дея иқтибос келтиради “Дарё” нашри ўзини вазирлик вакили сифатида таништирган Шароф Ҳамроев сўзларидан.

Вазир Амрилло Иноятовнинг бунга қўшимча қилишича, эълонда 1000 мкг доза сўралгани учун фақат шу ишлаб чиқарувчи ушбу дозани таклиф қилолган.

Вазирлик вакилининг журналистларга маълумот беришича, «Samo» МЧЖ калий йодидни 6500 сўмдан таклиф қилгач, вазирлик вакиллари нархни тушириш бўйича илтимоснома берган. Аммо МЧЖ бунга жавоб қайтармаган. Шундан сўнг вазирлик муассислигидаги «Ўзмедимпекс» МЧЖ дорини шу нархда сотиб олишга мажбур бўлган. Шунингдек, вазирлик ва МЧЖ ўз сайтларида ғолиб кимлигини эълон қилган.

«Биринчидан, битта нарсани илтимос қиламан. Бу мавзу билан шуғулланаётган одамлар бор. Майда, бўлмағур гаплар… Нима бўлса ҳам, ўзи текширади, ўзи жавобини беради. Бу мавзуга чуқур кирманглар. Бу билан шуғулланадиган ташкилотлар бор. Улар ҳаммасини очиқ ўрганяпти. Ижтимоий тармоқларда дорихоналарда 3 баравар арзон, у-бу деган [хабарлар] нотўғри, провокацион чиқарилган…», — деди Амрилло Иноятов.

«Газета.uz» шунингдек, ССВ таъсисчилигидаги «Ўзмедимпекс» МЧЖ калий йодидни «Samo» МЧЖдан 2022 йилда 5500 сўмдан, 2023 йилда 6500 сўмдан сотиб олганини, чакана савдода эса айнан ушбу дори воситаси 2800−3000 сўмдан сотилаётганини аниқлаганди.

Аввалроқ Наманганда ўзини соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг ёрдамчиси деб таништирган шахс «Президент администрациясидан қўнғироқ бўлганини» айтиб, болаларнинг заҳарланиш мавзусини «ковламаслик»ни сўраган. Бу гап-сўзлар ортидан ССВ матбуот хизмати Президент администрацияси вазирга «Антиструмин» қабул қилган болаларда ножўя таъсирлар кузатилаётгани билан боғлиқ вазият ҳақида интервью беришни тақиқламаганини маълум қилди. Бироқ ўзини вазир ёрдамчиси деб таништирган шахснинг кимлигига аниқлик киритилмади.

Айни пайтда юзлаб болалар касалхонага ётқизилгани ҳолати бўйича жиноий иш очилган. Душанба куни препарат ишлаб чиқариладиган заводда текширув бошланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.