Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов тергов қилинаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб тергов қилинаётганлиги хақида хабарлар тарқалди. У жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган бўлиши мумкин.
Anhor.uz хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги билан боғланди. Улар ҳозирда бу тўғрисида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқлигини билдирган.
Азиз Воитов 1980 йилда туғилган, Тошкент молия институтини «Солиқ ва солиққа тортиш» мутахассислиги бўйича битирган (2001) ҳамда Олий ишбилармонлик мактабида «Бизнес бошқаруви» бўйича таҳсил олган (2010).
Азиз Воитов муқаддам «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» АТБ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. 2020 йил мартидан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг (ўша вақтда Сардор Умрзоқов) биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаган, 2022 йил августида қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тайинланган, 2023 йил ёзида Сардор Умрзоқов президент администрацияси раҳбарлигидан кетиши ортидан 2023 йил октябр ойида вазирлик раҳбарлигидан олинганди.
Расмий ва тасдиқланган маълумотларни кутиб қоламиз.
Шарҳлар