Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва бошқаларга оид суд мажлисида журналистлар кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин
Қатор оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқдаги каналларда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва бошқаларга оид жиноят ишининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши билан боғлиқ турли мазмундаги хабарлар тарқалмоқда.
Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати маълум қилишича, айни кунларда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида мазкур жиноят иши мазмунан кўриб чиқилмоқда. 6-сентябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида айрим судланувчиларнинг адвокатлари томонидан процессда оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштироки масаласи муҳокама қилиниб, суд ажрими билан адвокатлар илтимосномаси қисман қаноатлантирилган. Мазкур ажримга кўра, очиқ суд мажлисида оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштироки (кузатувчи сифатида) узил-кесил таъқиқлангани йўқ. Бироқ, иш қуролларидан фойдаланиши (тасвирга ва фотосуратга олиши, аудио шаклида ёзиб олиш) фақат раислик этувчининг рухсати билан амалга оширилади.
Мазкур тартиб Жиноят-процессуал кодексининг судда жиноят ишларининг ошкора кўрилишига доир 19-моддасининг 9-банди ҳамда Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарорининг 14-бандида белгиланган.
Жиноят иши ҳажман катта экани, процесс иштирокчилари сони кўплигидан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ходимларига зарур шароитлар яратиб бериш борасида қўшимча чоралар кўрилаётгани маълум қилинди.
Шарҳлар