Қирғизистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Фото: ССВ

19 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров қирғиз делегацияси таркибида мамлакатга келган ушбу мамлакатнинг Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев билан учрашув ўтказди.

Унда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистонни умумий тарих, ўхшаш маданият ва қадриятлар, муштарак тил каби жиҳатлар боғлаб туғради. Кўп асрлик биродарлик ришталари азалдан самимийлик ва чуқур ҳурматга асосланган.

Сўнгги йилларда давлатлар етакчиларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари билан икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда шериклик алоқаларини соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кенгайтириш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.

Хусусан, бугунги кунда Қирғизистонда Ўзбекистонда бўлгани каби соғлиқни сақлаш соҳаси бутунлай трансформация қилинмоқда. Чунончи, мамлакатда бошқарув тизимини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам хизматини ислоҳ қилиш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни халққа яқинлаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Яқинда қирғизистонлик шифокорлар томонидан илк бор жигар кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилгани бунинг тасдиғидир.

Қардош давлат делегацияси вакиллари трансплантология, юқумли касалликларга қарши курашиш, тиббий таълим каби қатор йўналишларда алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

А.Худаяров ўзаро билим ва тажриба алмашинуви икки мамлакат учун фақат фойда келтиришини таъкидлаб, қирғизистонлик ҳамкасбига миллий тиббиётни ислоҳ қилишда барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.