QR кодли чек сўраган бола Солиқ қўмитаси томонидан рағбатлантирилди
Аввалроқ, Сирдарё вилоятида сотувчи чек сўраган болага қўл кўтаргани ҳақда хабар берган эдик.
Солиқ қўмитаси Раиси Шерзод Кудбиев харид чеки сўраб, сотувчининг қўпол муносабатига дуч келган 12 ёшли Қўчқоров Шаҳбоз Фаррух ўғли билан шахсан учрашиб унга миннатдорлик изҳор этди.
Учрашувда ёш ва фаол болани қўллаб-қуватлаш учун раис ўринбосарлари, марказий аппарт тузилма раҳбарлари ва барча ходимлар қатнашди.
Шерзод Кудбиев Шаҳбозга тенгдошларидан фарқли равишда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назоратидаги фаол иштироки, мавжуд тартиб-қоидаларга риоя этишдаги ўзига хос ташаббуси, солиқларнинг жамиятда тутган ўрнини ҳозирдан идрок эта бошлагани ва бу билан барчага ўрнак бўлгани учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув давомида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёш авлод таълим-тарбиясига оид чора-тадбирлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Шаҳбознинг онаси Дилбар опага: “Мана шундай фарзандни тарбиялаб вояга етказганингиз учун сизга ҳам алоҳида раҳмат. Шаҳбоз Янги Ўзбекистоннинг янги авлодларига намуна бўлди”, – деди Ш.Кудбиев.
Шарҳлар