Тошкентда Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил қилинади
Президент Шавкат Мирзиёевга спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказиш режалари бўйича ахборот берилди, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.
Маълумки, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда. Келгуси йил у ерда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади.
Кейинчалик ундан самарали фойдаланиш мақсадида Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ушбу муассаса ҳузурига Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқот институти ҳамда Мутахассислар малакасини ошириш институти ҳам ўтказилади. Академия тизимида Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ахборот кутубхона маркази, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази очилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, академияга 3 та бакалавр йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича қабул бошланади. Битирувчи талабаларга тўғридан-тўғри 6 йиллик тренерлик малака сертификати берилади. Олимпия ва паралимпия коллежларидан селекция қилинган битирувчилар тўғридан-тўғри иккинчи курсга қабул қилинади.
Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга кафедралар ва ўқув дастурларини илғор хорижий тажрибаси асосида ташкил этиш, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Шарҳлар