Бош прокуратура: спортга ажратилган пулларни талон-торож қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилди
Прокуратура органлари томонидан спортни ривожлантиришга қаратилган қонунлар ижроси юзасидан тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда, деб ёзади ЎзА.
Хусусан, Баскетбол федерацияси ижрочи директори Ю.С. ишлар бошқарувчиси С.И. билан жиноий тил бириктириб, С.И.нинг онаси ва укаси номига “S.A.G.” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилиб, спортчилар соғлиғини мониторинг қилишга мўлжалланган 2 дона аслида етказиб берилмаган махсус ускуналар учун федерациядан 197 миллион сўм маблағни жамият ҳисобига ўтказиб, талон-торож қилган.
Шунингдек, федерациянинг 1-вице президенти Х.Г. федерацияга тегишли бўлган корпоратив пластик картадан ноқонуний равишда 162 миллион сўм маблағни ечиб олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатган.
Бундан ташқари, юқоридаги мансабдор шахслар томонидан федерацияга гуёки ҳомийларни жалб қилиш хизматларини кўрсатиш ҳақида сохта шартнома расмийлаштирилиб, федерациянинг 130 миллион сўм маблағлари ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
Бош прокуратура ахборот хизматидан маълум қилишларича, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилди ва суднинг ҳукми билан айбдорларга тегишли жазо чоралари қўлланилди.
Шарҳлар