ССВ: Яна бир марказ халқаро стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтди. Бу нима беради
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказига Соғлиқни сақлаш соҳасида сифат бўйича аккредитация маркази (АCҚҲ) томонидан халқаро стандартларга мувофиқлик сертификати топширилди.
Халқаро экспертлар муассасамиз фаолиятини 6 ойдан ортиқ муддат давомида диққат билан ўрганишди, — деди марказ директори Улуғбек Сабиров. — Эндиликда ушбу аккредитация бизнинг халқаро стандартлар асосида иш олиб боришимизни тасдиқлайди ва бизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Галдаги мақсадимиз — ҳудудий филиалларимиз фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг ҳам халқаро аккредитациядан ўтишига эришиш.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази аҳолига бу йўналишда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга масъул бўлган, вертикал бошқарувга эга бош муассаса ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, марказ халқаро миқёсда юқори даражадаги алоқаларни ривожлантириш орқали ўзининг илмий ва амалий салоҳиятини кенгайтирмоқда. АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Беларус Республикаси, Туркия, Ҳиндистоннинг етакчи марказ, клиника ҳамда университетлари билан ўрнатилган алоқалар энг илғор тиббий технологиялар ва даволаш усулларини ўрганиш, замонавий тиббий ва илмий тадқиқотлар ҳамда таълим ресурсларида иштирок этиш, клиник тажриба алмашишга қаратилган.
Муҳими, соҳага инновацион диагностика ва даволаш усулларини татбиқ этиш, кадрлар малакасини ошириш асосий масалага айланган. Марказда рақамлаштириш тизимининг фаол татбиқ этилиши эса тиббиёт ходимларининг иш самарадорлиги ошиши ва беморларга қатор қулайликлар яратилишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда марказ олимлари генодерматоз ва онкодерматоз муаммолари, терининг замбуруғли ва вирусли касалликлари, жинсий йўл билан юқувчи янги хасталик турларини аниқлаш, дерматокосметология ва соч кўчириб экиш бўйича беморларни муваффақиятли даволамоқда.
Шунингдек, муассасанинг ҳудудий филиалларида тери ва унинг ҳосилалари касалликлари, туғма ёки орттирилган косметик етишмовчиликларни муолажа қилишда илғор ёндашувлар амалиётга татбиқ этилди.
Марказ илмий изланишлар асосида маҳаллий хомашёдан тайёрланадиган тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқиш борасида ҳам катта ютуқларга эришяпти.
Аккредитация сифат ва хавфсизлик сертификати ҳисобланиб, тиббий марказнинг халқаро стандартлар асосида иш олиб боришини ва унда беморлар учун хавфсиз муҳит мавжудлигини англатади. Хусусан, чет элдан келадиган беморлар ҳам даволаниш учун халқаро талабларга жавоб берадиган муассасаларни танлайди. Шунингдек, халқаро аккредитация марказга инвесторлар ва стратегик ҳамкорларни жалб қилиш имконини оширади.
Шарҳлар