“Стихия” фестивалида маънавиятга зид холатлар бўлмайди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қизилтепа туманининг Тўдакўл сув ҳавзаси бўйича ўтказилиши кутилаётган “Стихия” фестивали кенг жамоатчиликнинг салбий фикрлари ва муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳокимлиги кенг жамоатчиликка ўз расмий муносабатини тақдим этди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беряпти.
“Навоий вилояти ҳокимлиги раҳбарияти ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ва эътирозларга сабаб бўлаётган мазкур жараёнга асло бефарқ эмас. Шунингдек, маънавиятимизга зид, менталитетимизга хос бўлмаган ҳар қандай тадбирга қарши эканлигини маълум қилади”, – дейилади расмий муносабатда.
Шу боис, “Стихия” фестивалини ўтказувчи “Унидентифиед Прожеcц Cомпанй” МЧЖ раҳбарияти вилоят ҳокимлиги томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар содир этилмаслиги бўйича расман огоҳлантирилган ва ушбу МЧЖ раҳбариятидан вилоят ҳокимининг номига мазкур фестивал доирасида маънавиятимизга зид бўлган ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича кафолат хатлари олинган.
“Мазкур фестивал учун маҳаллий бюджетдан маблағ сарфланмаган, барча харажатлар ташкилотчи томонидан қопланган”, – дейилган хабарда.
Шарҳлар