Стоматит пайдо бўлишига нима сабаб бўлади
Стоматит — оғиз бўшлиғи, жумладан, ёноқ, тил ва милк шиллиқ қаватларида кенг тарқалган яллиғланиш. У катталар ва болаларда бирдек учрайди. Касаллик туфайли оғизда турли яралар ҳосил бўлиб, аксарият ҳолларда овқатланиш ва суюқлик ичаётганда ноқулай оғриқ кузатилади.
Хасталини келтириб чиқарувчи омиллар кўп. Хусусан, бактерия, вирус ва замбуруғлар стоматитга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, оғиз бўшлиғидаги механик жароҳатлар, хусусан, тил ёки шиллиқ қаватни тишлаш, тирнаш, қаттиқ ёхуд ҳаддан ташқари иссиқ таомлар истеъмол қилиш, аллергик реакциялар, иммунитет пасайиши, стресс ҳолатлари ва нотўғри овқатланиш туфайли ҳам стоматит келиб чиқади.
Ушбу хасталикнинг бир қанча турлари ҳам мавжуд. Жумладан, афтоз стоматитда оғизда кичик яралар пайдо бўлади. Улар жуда оғриқли бўлиб, бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этиши мумкин. Герпес вируси туфайли кузатиладиган герпетик стоматит одатда болаларда кўп учрайди.
Замбуруғ инфекцияси оқибатида юзага келадиган кандидоз стоматит кўпинча иммунитети заиф одамларда кузатилиб, оғиз бўшлиғида оқ қаватлар пайдо бўлади. Қолаверса, механик жароҳатлар натижасида травматик стоматит келиб чиқади. Аллергик стоматит эса озиқ-овқат ёки дори воситаларига аллергик реакция туфайли ҳосил бўлади.
Касаллик асосан оғиздаги яралар, блистерлар, яллиғланиш, қизариш, шиш, иситма (баъзи ҳолларда), овқат ея олмаслик ва оғиздаги ноқулайлик каби белгилар билан кечади.
Стоматит ташхиси шифокор томонидан клиник кўрик орқали қўйилади. Керак бўлса, қон таҳлиллари, яллиғланиш остидаги микробиологик текширувлар ўтказилиши мумкин ва шунга қараб даволаш муолажаси белгиланади.
Касалликнинг олдини олиш учун, аввало, оғиз бўшлиғи озодалигига қатъий риоя қилиш керак. Бунинг учун тишларни кунда 2 маҳал (эрталаб ва ётишдан аввал) ювиш, оғизни доривор гиёҳлар (мойчечак) дамламаси билан чайиш талаб этилади. Шунингдек, витамин ва минералларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳам стоматитдан сақланишда жуда муҳим.
Шарҳлар