Стратегик ислоҳотлар агентлиги қайта ташкил этилади
Шуҳрат Абдушарифович Вафаев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА) бош директори лавозимидан озод этилди, деб ёзади «Газета.uz» нашри ҳукуматдаги манбасига таянган ҳолда.
Унинг ўрнини Президент администрацияси ходими Баҳодир Раҳматов эгаллаши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни СИА фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Хусусан, эндиликда агентлик бош директори бир вақтнинг ўзида Президент администрациясининг Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти бошлиғининг ўринбосари (эълон эълон қилинаётган вақтда ушбу лавозимни Бекзот Мавлонов эгаллаб келаётган эди). Агентлик раҳбари бундан кейин ҳам президент томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
СИА раҳбари ўринбосарлари мақоми бўйича Президент администрацияси сектори мудирига тенглаштирилиб, президент ёрдамчиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Янги тузилма
Янги тузилмага кўра, агентлик бош директорининг бир ўринбосари бўлади (ҳозирда бир нафар биринчи ўринбосар ва ўринбосар мавжуд). Шунингдек, қарийб барча бошқарма ва бўлимлар, жумладан, Стратегик ташаббусларни илгари суриш бошқармаси, Давлат дастурлари мониторинги бошқармаси, Халқаро молия институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бошқармаси, Соҳа ва тармоқларда ислоҳотларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Ислоҳотларни баҳолаш ва тизимли муаммоларни аниқлаш бошқармаси, Давлат бошқарувини такомиллаштириш бошқармаси ва бошқалар ҳам қисқартирилмоқда.
Улар ўрнига илғор хорижий тажриба ва рейтингларни ўрганиш асосида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш гуруҳи, халқаро ва хорижий ташкилот ҳамда институтлар билан ўзаро ҳамкорликка асосланган муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, хорижий экспертлар ва маслаҳатчилар билан ўзаро ҳамкорлик гуруҳи, илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик асосида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ташкил этилмоқда.
Агентлик Амир Темур шоҳ кўчаси, 107Б-уйдан Ислом Каримов кўчаси, 43-уйда жойлашган Президент администрацияси биносига кўчади.
Штатлар сони 50 дан 20 кишига қисқартирилди.
Шарҳлар