Субсидияга уй олиб беришни ваъда қилган «фирибгар» ушланди

Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 27 ёшли А.И. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 7.680.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази хабар беряпти.

«Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳрида яшовчи 35 ёшли Х.М. содир этганлиги аниқланди», – дейилади хабарда.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Х.М., А.И. билан «Инстаграм» ижтимоий тармоғи орқали танишиб, унга Субсидия асосида уй олиб беришни ваъда қилиб уни алдаб, олдиндан 7.680.000 сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олган ва ёзишмаларни юбориб, алоқани узиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.М.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.