Суд марҳумни жаримага тортган
Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook’тармоғидаги саҳифасида хабар қиляпти.
«Аввалги постларимдан бирида Хоразм вилоятидаги судда қози марҳумни «сўроқ қилгани» ҳақида ёзгандим. Бугун қўлимга тушган суд қарорида Чирчиқ суди судьяси Равшанов 4 йил аввал оламдан ўтган одам – Абдукарим Манноновга сўроқ қилмасдан хам жарима солибди ва унга мажбуриятлар юклабди. Воқеа жорий йилнинг августида бўлган, эски йилда қолсин, дедим. Аммо ҳар сафар бунақанги қовунлар ҳақида ёзганимизда Олий суд ва Судьялар Олий кенгашининг мутафаккир раҳбарлари пешонаси тиришаркан – муаммо ижобий ҳал бўлмайди», – деб ёзмоқда Ташанов.
Аввалги постимда Олий суд умумий юрисдикция судларининг маълумотлар базасини кенгайтириши учун ҳеч бўлмаганда Ички ишлар вазирлиги ёки Давлат хизматлари агентлиги сингари идораларнинг базасини юклаб олгани тузук, қабилида мулоҳаза билдиргандим. Шундан кейин тизимнинг айрим раҳбарлари омилигимдан кулган бўлишибди ўзларича. Айримлари мени «маргинал» дебди…
«Ўшанда бутун бошли судлардан битта участкавой мелиса кучлироқ, унинг планшетида ўлиг-у тириклардан ташқари ким кимнинг ўйнаши эканигача маълумотлар бор, дегандим. Судьяларимиз эса ўзи суд қилаётган одамнинг ҳатто тириклигини ҳам билмайди, бундай қовунчилар жазоланмайди ҳам. Майли, Олий суд ва бошқа олийлардаги жаноблар! Кулишда давом этинг, зеро тизимнинг бутунлай шарманда бўлаётганини кўпчилик кўриб турибди», – деб якунлаган постини.
Улашиш:
Шарҳлар