Суд Отабек Сатторий иши бўйича жазо муддатини ўзгаришсиз қолдирди
Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъати блогер Отабек Сатторийга белгиланган 6,5 йиллик қамоқ жазосининг муддатини тасдиқлади. Бу ҳақда “Фергана” нашри “Газета” нашрига таянган ҳолда ёзади.
Шу билан бирга, суд Сатторийнинг Термиздаги иккита квартирасини қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Ҳимоячи Олий судга кассацион шикоят келтиришини маълум қилган.
Шу йил май ойида Сурхондарё вилоят Музрабод туман жиноят ишлари бўйича суди Сатторийни туҳмат ва пул ундиришда айбдор деб топиб, 6,5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилганди.
Шунингдек, суд Термиз шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Бобоқулов Хамро Худаймуротович томонидан 2020 йил 2 июль куни KSH 032769 SV сонли реестр билан тасдиқланган Termiz Eko Ekspress loyiha МЧЖ раҳбари Шапулатов Тулқин Холтожиевич билан Сатторий Отабек Абдуманонзода ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар “Маърифат” маҳалласи Истиқлол кўчаси 6-уйда жойлашган 42-рақамли квартирани Сатторий Отабек Абдуманонзодага сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномасини ҳамда шу куни KSH 032770 SV сонли реестр билан тасдиқланган Termiz Eko Ekspress loyiha масъулияти чекланган жамият раҳбари Шапулатов Тулқин Холтожиевич билан Сатторий Отабек Абдуманонзода ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар “Маърифат” маҳалласи “Истиқлол” кўчаси 6-уйда жойлашган 44-рақамли квартирани Сатторий Отабек Абдуманонзодага сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топганди.
Ўшанда блогернинг адвокати Умидбек Давлатов ҳукмни “мутлақо адолатсиз” деб атаганди, Сатторийнинг ўзи эса “Сурхондарёда на ҳақиқат, на адолат бор” деганди.
Отабек Сатторий — термизлик таниқли блогер, у ўзининг “Халқ фикри” ютуб-каналида маҳаллий ҳокимият органларини кўп марта танқид қилган. Сатторий январь ойининг охирида Сурхондарё вилоят Термиз ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган. ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, блогернинг устидан “Чинора гул барака” деҳқон бозорининг раҳбари ёзиб мурожаат қилган, унда у Сатторийни пул ундирмоқчи бўлганликда айблаган. Кейин эса айбловлар рўйхати саккизта ҳолатгача ошган.
Қайд этиш жокизки, блогерни ҳимоя қилиб қатор халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари чиққан, улар Ўзбекистон ҳукуматини блогерни озод қилишга чақирмоқда. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгашининг раҳбари Комил Алламжонов ҳам Бош прокуратурадан блогернинг ушланиши ва ҳибсга олинишига эътибор қаратишни сўраганди, аммо идора Сатторийнинг ишида ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик топилмаганини маълум қилган.
Шарҳлар