Суд Трампда Капитолийга ҳужум ҳақидаги иш бўйича юридик таъқибга нисбатан иммунитет йўқ деб топди
Вашингтондаги апелляция суди AҚШ собиқ президенти Дональд Трамп 2020 йилги сайловларда мағлубиятга учраганидан кейин ҳокимиятни сақлаб қолишга уриниш ҳақидаги иш бўйича юридик таъқибга нисбатан иммунитетга эга эмас, деб қарор қилди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Телеканал аниқлик киритишича, тегишли қарор уч нафар судьядан иборат коллегия томонидан бир овоздан қабул қилинган. “У президент лавозимини эгаллаб турган вақтида уни ҳимоя қилиши мумкин бўлган ҳар қандай иммунитет уни ушбу таъқибдан ортиқ ҳимоя қилмайди”, – дейилади суд қарорида.
CNBC ёзишича, Трамп ушбу қарор юзасидан Олий судга шикоят қилиши мумкин.
2022 йил августида Дональд Трампга 2020 йилги сайловлардаги мағлубиятидан кейин ҳокимиятни сақлаб қолишга уриниш тўғрисидаги иш бўйича айбловлар эълон қилинганди. Хусусан, Трамп овозларни ҳисоблаш жараёнига аралашишга уринган, қалбакилаштириш ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган, шунингдек, конгрессга сайловларда Жо Байден ғолиб чиққанини тасдиқлашга халал бермоқчи бўлган деб ҳисобланилмоқда.
Трампнинг ўзи айбига иқрор бўлмади, унинг адвокатлари эса у “чекланмаган иммунитет”га эгалигини даъво қилмоқда, чунки айбловлар у президент лавозимида бўлган пайтда амалга оширилган хатти-ҳаракатларга тааллуқли.
2023 йил декабрида AҚШ округ судьяси Таня Чуткан Трампнинг жиноий таъқиб этилишини тўхтатиш ҳақидаги иккита аризани рад этганди. Ўз қарорида судья собиқ президентлар бошқа фуқаролар каби жиноий жавобгарликка тортила олишини таъкидлаган.
Шарҳлар