Суд ҳукмига шикоят келтириш муддати қисқартирилади
27 сентябрь куни Президент томонидан имзоланган Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонунга кўра, ҳукм устидан апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 суткадан 10 суткага қисқартирилди.
Шунингдек, суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкин. Жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда прокурор иштирок этади.
Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақлидир.
Агар шикоятда ёки протестда оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги ҳақидаги, жазони кучайтириш тўғрисидаги ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга кирганидан кейин 1 йил ичида йўл қўйилади.
Ҳукм чиқарган суд жиноят иши тафтиш инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида тегишли шахсларни 3 сутка ичида хабардор қилади.
Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Шарҳлар