Абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди
Ҳуқуқшунослик фанидаги тест саволларидан норози абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди. Бу ҳақда “Таълим хабарлари” портали маълум қилди.
Таъкидланишича, аввалроқ, ҳуқуқшунослик фани бўйича тузилган саволлар абитуриентлар ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган эди. Адвокат Муҳриддин Шамсиддиновнинг маълум қилишича, ушбу ҳолатдан норози бўлган абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди.
“Жорий йил июл ойида юридик йўналишларга имтиҳон топширган абитуриентларга моддалар санксияларидан (қанча жарима белгиланган, неча йилга “қамалади” каби) саволлар тушган. Университетда ўқиб юрган вақтларимда устозларим модда санксиясини ёдлашни қатъий ман этарди. Яъни биз умуман санксия ёдламасдик. Чунки биринчидан, ёдлашни умуман имконияти йўқ, иккинчидан, бу келгуси фаолиятда умуман керак бўлмайди. Бугундан адвокат сифатида ишга киришдим. Ҳозир Тошкент туманлараро маъмурий судидаман. Иш билан танишиш ва ОАВни жалб этиш бўйича судга илтимоснома тақдим этаман”, – дейилади хабарда.
Шарҳлар