Судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланадиган бўлди
Эндиликда судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Бу 16 январь куни президент томонидан имзоланган “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонда кўзда тутилган, деб ёзади «Газета.uz».
Судьяга нисбатан фақат бош прокурорнинг санкцияси асосида турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқлар чекланиши мумкин.
Одил судловни амалга оширишга ихтисослашган прокурорлар корпуси кўмаклашади. Уларга қуйидагилар киради:
- Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
- туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Улар ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда амалга оширади. Уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 1 сентябргача «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизими синов тарзида ишга тушади, 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Шунингдек, айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади. Айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади. Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.
Шарҳлар