Судьялар олий кенгаши «Эзгулик» жамияти раисининг постига муносабат билдирди

Фото: sudyalaroliykengashi.uz

Давлат божи – жарима эмас. Иккинчидан, “Эзгулик” жамиятининг закий раиси ижтимоий тармоқда  шов-шувли хабар эълон қилдики, Чирчиқда судья марҳумни жаримага тортди, деб. Бунақа хабарга кўзи учиб турадиган блогер ва обуначилар етарли: мамнуният билан кўчиб босишлари натижасида “жаримага тортилган марҳум” кечадан буён ижтимоий тармоқ “безагига” айланди, гўё, деб ёзмоқда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати.

Бироқ ҳолат бунчалик эмас, муаллиф суд ҳужжатининг бир парчасига кўз югуртириб, сўнг моҳир чевар мисоли воқеликка бошқача либос кийдириб юборибдики, унинг этаги кўтарилса, манзара ваҳимали даражада эмаслиги билинади-қўяди.

«Шу йилнинг август ойида фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судида ноқонуний қурилмани бузишга оид низо кўрилган. Мазкур фуқаролик низоси бўйича бир эмас, учта жавобгар бўлиб, улардан (жавобгарлардан) бири суд мажлиси бўладиган кун ва соат маълум қилинган бўлса-да, процессга келмагани, бунинг сабаблари ҳам судга маълум қилинмагани рост. Натижада низо унинг иштирокисиз кўрилиб (бунга қонунда монелик йўқ), даъво қисман қаноатлантирилади ва бошқа жавобгарлар қатори унга ҳам ноқонуний қурилмани ўз ҳисобидан бузиш мажбурияти юклатилади.  Бундан ташқари ҳал қилув қарорида барча жавобгарлардан тегишли давлат божи солидар тартибда ундирилиши ҳам белгиланади», – дейилади хабарда.

Кейинчалик, фуқаролик иши Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилганда ўша жавобгар тўрт йил аввал вафот этгани, ўтган вақт давомида унинг мол-мулки (уй-жойи ва унга туташ низога сабаб бўлиб, ноқонуний қурилгани айтилаётган дарвозахона) мерос ҳуқуқи асосида фарзандига ўтиб, меросхўр  бошқа шахсга, у эса яна бошқа бировга сотилгани маълум бўлади. Эътиборлиси, бу ҳақда биринчи инстанция судига на даъвогар, на бошқа жавобгарлар маълум қилган?!

«Хуллас, ҳамма-ҳаммаси иш апелляция инстанциясида кўрилганда ойдинлашгач, ишга манфаатдор шахсларни жалб этишда процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги асоси билан ҳал қилув қарори ўшандаёқ (15.11.2023 й.) бекор қилиниб, фуқаролик иши мазмунан қайта кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган. Айни пайтда фуқаролик иши биринчи инстанция судида қайта кўрилмоқда. Албатта, йўл қўйилган процессуал хатолик биринчи инстанция суди судьясига маълум саволлар туғдириши аниқ, ҳолат Тошкент вилоят судлари судьялари малака ҳайъати кўриб чиқилади ҳам. Бироқ, гувоҳи бўлганингиздек, судда марҳум жаримага тортилгани ҳақидаги иддао ёлғон», – дейилади муносабатда.

Қолаверса, фуқаролик судида мазмунан кўрилиб чиқилган ишлар якуни бўйича тарафларга жарима жазоси қўлланилмайди. Давлат божи ундирилади. (Чирчиқдаги ҳолат бўйича ҳал қилув қарори бекор қилиниши ортидан жавобгарлардан давлат божи ундирилишининг ҳуқуқий қуввати ҳам йўқолган). Давлат божи эса жарима эмас.  Божни жарима сифатида талқин қилиб, жамоатчиликка тақдим этилгани эса муаллифнинг закийлигига  бироз шубҳа  пайдо қилмоқда, холос.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.