Судялар сонини кўпайтириш, судяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни таъминлаш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотларга қарамасдан, суд тизимида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда судяларнинг иш юкламаси жуда юқори бўлиб, бу судлар томонидан ишларни кўришнинг муддати ва сифатига салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон аҳолиси кундан-кунга ортиб бораётган бўлсада, штатдаги судялар сони аҳолининг сонига нисбатан мутаносиб эмас.
Мамлакатимизда ҳар 100 минг нафар аҳолига 3-4 нафар судя тўғри келса, бу кўрсаткич Германияда 24 нафар, Испания ва Италияда 10, Португалияда 19, Венгрияда 29, Хорватияда 42, Австралияда 27 нафарни ташкил этмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бир судя бир ойда АҚШда ўртача 40 та, Канадада 50 та, Японияда 10 та, Германияда 15 та ва Буюк Британияда 20 та ишни кўради.
Суд тизимидаги мавжуд муаммоларни инобатга олган ҳолда, “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида судялар сонини аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайтириш, шунингдек, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судялар корпусини яратиш таклифини илгари сурмоқда.
Партиямиз ташаббуси одил судлов сифатини яхшилаш, судяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасини камайтириш, шунингдек, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Шарҳлар