Муқаддам судланган сирдарёлик эркак ўз хотини ва қайнонасини пичоқлаб ўлдирди
Сирдарё вилоятида ўз хотини ва қайнонасини ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Зор Тв телеканали хабарида айтилди.
Судланувчи ўзи ишлаган дўкон кассасидан 15 миллион сўм пулни ўғирлаб кетган ва кечқурун, соат 01:40 атрофида уйига маст ҳолда қайтган. Кейинроқ мебель усталари тўлови тўланмаганлиги учун тўй мебелларини уйдан олиб кетганлиги сабабли рафиқаси билан можаро келиб чиққан.
«Жанжалга аралашган қайнона хотинининг акаси жарима тўлаш учун қолдирган 2,3 миллион сўмни куёви сарфлаб юборганидан норозилик билдирган. Маълум булишича, судланувчининг рафиқаси Тожикистон фуқароси бўлиб, унинг Ўзбекистондаги рухсатномасининг муддати тугаган», – дейилади хабарда.
Қайнонаси билан жанжал оқибатида эркак унинг бўйнига олти марта пичоқ урган. Кейинроқ у хотинини 15 марта пичоқлаб ўлдирган. Шундан сўнг пичоқни улоқтириб юборган ва қурбонларнинг жасадларини квартирага беркитиб, пулларни олиб, ғойиб бўлган.
Суд эркакни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” ва “г” бандлари (қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топиб, 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Шунингдек, судланувчи аввал ҳам биринчи хотинини пичоқлагани учун жазо ўтаган бўлган.
Шарҳлар