Судланувчи «Док-1 Макс» ишидаги 33 минг долларлик пора тафсилотларини гапириб берди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ ходими Н.М. 18 август куни камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли дорилари юзасидан Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтаётган ишда сўзга чиқди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри «Дарё» нашрига таянган ҳолда ёзади.
Айбланувчи 33 минг доллар билан боғлиқ воқеага қўшимча қилди. Бундан олдинги суд ишида Quramax Medikal компания директори Рагвендра Пратар (Singh Ragvendra Pratar) мазкур пулларни «Кураракс 200» ва «Кураракс 400» дориларини рўйхатдан ўтказиш ортидан Marion Biotech PVТ. Ltd (Ҳиндистон, у шунингдек «Док-1 Макс», «Амбронол» ва бошқа дориларни ишлаб чиқарувчи) корхонасига тайинланган инспекцион текширувни бекор қилиш учун берганини тан олганди.
«2022 йилнинг июль ойи ўрталари ёки охирларидами ҳамкасбим, раҳбарнинг биринчи ўринбосари А.А.нинг хизмат хонасига иш билан кирдим. Ҳамкасбим ўша пайтдаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари С.К.дан бир қанча топшириқлар келиб тушганини, топшириқлар орасида иккита фирмани „инспекциядан ечиш“ бўйича топшириқ ҳам бўлганини айтиб, шу топшириқ бўйича иш юритилиши кераклигини қўшимча қилди», — деди Н. М.
Шунда у ҳайратланиб, ростдан ҳам шундай топшириқ тушганлигини сўраган. А.А. эса раҳбардан келган топшириқни Telegram`да қабул қилиб олганини айтиб, ёзишмаларини кўрсатган.
Судда мазкур айбловни рад этган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С.К. фирмаларга тайинланган инспекцион текширувни рад этганини билдириб, бу ҳақдаги ҳужжатга билмасдан имзо қўйиб юборган бўлиши мумкинлигини айтди.
«Менга кунига 15−20 талаб ҳужжат олиб кирилиб, имзо қўйиларди. Бу ҳужжат ҳам ҳужжатлар орасига тушиб қолган ва билмасдан имзо қўйиб юборган бўлишим мумкин», — дейди С.К.
Шарҳлар