“Сурхон овози” газетаси ХДП етакчисини истеъфога чиқишга чақирди
Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон овози” нашри 5 сентябрь куни ЎзХДП етакчисини истеъфога чиқишга чақирувчи мақолани эълон қилди.
Мақолада сайловда сиёсий рақобат бўлмагани, Улуғбек Иноятов олган 4 фоиз овоз шармандали экани қайд этилади. Газетанинг биринчи саҳифасида унинг сурати билан бирга партия етакчисига мурожаат эълон қилинган.
Мақола муаллифи, бош муҳаррир Қурбон Жўраназаров ЎзХДП марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятовга мурожаат қилиб, унинг истеъфоси бўйича фикр сўради. Унинг таъкидлашича, сайловлар «жанг майдони» бўлиб, унда рақиблардан қўрққанлар қатнашмаслиги керак.
Муаллиф, шунингдек, жамоатчилик номзодлар фаолиятини таҳлил қилиш ва танқид қилиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаб, ўтган сайловларда фикрлар хилма-хиллиги, сиёсий рақобат йўқлигига урғу беради. У Улуғбек Иноятовни сайловолди дастурида янги ғоялар йўқлигида айблаб, овоз бериш натижаларининг пастлигига ишора қилади.
«Сайловолди дастурингизда ҳеч қандай янги фикр, янги ғояни кўрмадик. Қуруқ сафсатадан нарига ўтилмади ва шунга яраша «мукофот»ини ҳам олдингиз. Овоз бериш натижалари бунинг далилидир», — деб ёзади мақола муаллифи.
Муаллиф Улуғбек Иноятовни истеъфога чиқишга чақиради ва уни сайлов жараёнига бефарқ, ЎзХДП обрўсига путур етказади, деб ҳисоблайди.
Шарҳлар