Сурхондарё вилоятида 115 кг дан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги наркотиклар мусодара қилинди. Бу ҳақда ЎзА ёзади.
Хусусан, 1982 й.т. маҳаллий фуқаро 28 кг. 895 гр. “опий” ҳамда 2 кг. “гашиш” моддаларини, шунингдек, бошқа бир ҳолатда эса муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган, 1962 ва 1970 йилларда туғилган ака-ука 9 кг. 161 гр. “опий” ва 446 гр. “героин” моддаларини келгусида сотиш мақсадида қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, ҳар икки ҳолатда ҳам гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокуръерлар томонидан мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтилган.
Сариосиёда кузатилган ҳолатда тожикистонлик наркокуръерлар томонидан туманнинг тоғли ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга беркитиб кетилган 28 кг. 506 гр. “опий” моддасини қабул қилиб олган 1990 й.т. маҳаллий фуқаро ушланди.
ДХХ ходимларининг Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида ўтказган тезкор тадбирида эса 1969, 1970 ва 1990 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро 481 гр. «опий» моддасини 9 400 АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.
ДХХ, ИИВ ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Термиз тумани «Мангузар» ЙПХ масканидан ўтиб, вилоят маркази томон ҳаракатланаётган “Спарк” русумли автомашина тўхтатилди. Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987 й.т. Тожикистон Республикаси фуқароси ва Денов туманида яшовчи, 1985 й.т. маҳаллий фуқарога тегишли юк сумкаларида Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 45 кг. 913 гр. “гашиш” борлиги аниқланиб, ашё процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 67 кг. 43 гр. “опий”, 47 кг. 913 гр. “гашиш” ҳамда 446 гр. “героин” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар