Сурхондарё вилоятида 611 та тожик ковраги ўсимлиги кесилгани аниқланди
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан “Тожик ковраги” ўсадиган ҳудудларда мунтазам равишда кундузги ва тунги рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Узун тумани «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ўрмон хўжалигининг «Файзова» бўлими, 6-айланма 7-кварталининг «Арчабулоқ» массиви ҳудудида табиий ҳолда ўсадиган тожик ковраги ўсимлигига кўп миқдорда зарар етгазилганлиги аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилади.
Ўрганишлар натижасида ўрмон ходимларининг ўз ишига маъсулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида ҳудуддаги Ўзбекистон Қизил Китобига киритилган 611 туп тожик ковраги ўсимлиги ноқонуний тарзда кесиб олинганлиги ва бу билан табиатга 302 миллион 445 минг сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун туман прокуратурасига юборилди.
Шарҳлар