Сурхондарёда 24 нафар афғон фуқароси ушланди
21 август куни “Пайғамбар” номли оролда (Сурхондарё вилояти) Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда бузиб ўтган ва орол қирғоғига қайиқларда келган бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари кузатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари ахборот хизмати хабар беради.
Чегарани бузувчилар ушбу жойга келган Ўзбекистоннинг чегара нарядига қаршилик кўрсатишган.
«Шахсига аниқлик киритиш ва тергов ҳаракатларини олиб бориш мақсадида махсус тадбир ўтказилиб, барча чегара бузувчилари (жами 24 нафар) қўлга олинди. Сўроқ қилиш давомида маълум бўлишича, улар Ўзбекистон чегара ҳудудларида кенг тарқалган қизилмия илдизини териш мақсадида ўтишган».
Ҳозирги вақтда “Пайғамбар” ороли ҳудуди Ўзбекистон Чегара қўшинлари бўлинмаларининг тўлиқ назорати остида, дейилади хабарда.
Шарҳлар