Сурхондарёда ҳавони ифлослантираётган иккита корхона фаолияти тўхтатилди

Фото: Минэкологии

Сурхондарё вилоятида экологик талабларга жавоб бермайдиган иккита корхона фаолияти тўхтатилди, дея хабар беради Экология вазирлигининг матбуот хизмати.

Мутахассислар томонидан “Бойсун туман йўллардан фойдаланиш” ва “Шеробод туман йўллардан фойдаланиш” асфальт ишлаб чиқариш корхоналарида текширув ташкил этилди.

Бойсундаги корхонада чанг-газ тозалаш ускуналари яроқсиз ҳолга келиб, чанг фильтрлари ва сув кабиналари (сув пуркаш орқали чангни йиғувчи ускуналар) ўрнатилмаган.

Шерободдаги корхонада чанг ва газ тозалаш ускуналари эскирганлиги сабабли атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли чиқиндилар чиқарилган, дея қўшимча қилади бошқарма.

Корхоналарда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-24-моддалари талаблари бузилган.

Корхоналарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 86-моддаси (фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек, атмосферага ташланадиган чиқинди газларни тозалаш ускунасидан фойдаланмаслик) бўйича баённомалар тузилди. Аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, фильтрлаш ускуналари ўрнатилгунга қадар корхоналар фаолияти 10 кунга тўхтатилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.