Сурхондарёда йўл-патрул хизмати ходимини ҳақорат қилган ака-укалар 10 суткага қамалди
ЙПХ ходимини ҳақоратлаган ва унинг талабини бажармаган ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўрилгани ҳақида вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
26 июнь куни Денов туманида “Газел” русумли автомашинада бўлган икки ака-ука ҳужжатларни текшириш вақтида ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатиб, уни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилган. Шу куни улар бўлимга олиб кетилиб, иш бўйича тўпланган материаллар судга ўтказилди.
Суд ушбу шахсларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик), 194 (Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) ва 34 (Бир нечта ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топди.
Уларга 10 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шарҳлар