Сурхондарёда кўчишдан норози бўлган 13 нафар бозор ишчисига нисбатан маъмурий санкциялар қўлланди

Источник: УВД Сурхандарьинской области

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди собиқ «Юбилейний» бозорининг 13 нафар ишчисини бозорнинг янги жойга кўчирилишига қаршилик қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортди.  Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Сурхондарё вилояти ИИБ матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

Фуқароларнинг жинси маълум қилинмаган. Аввалроқ тарқалган видеода эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг аёл кишини мажбурлаб автобусга чиқармоқчи бўлаётгани акс этган эди.

ИИБ хабарида айтилишича, 4 январь куни Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар эски «Юбилейный» бозор ҳудудида ноқонуний савдо ишлари билан шуғулланувчи шахсларни шаҳар ҳокимининг қарори билан «Яшил дунё» савдо марказига кўчириш ишлари амалга оширилаётганда, бундан олдин янги ҳудуддан савдо расталари ажратилиб, эски ҳудудни тарк этиш ҳақида огоҳлантирилганига қарамасдан бир гуруҳ сотувчилар норозилик билдириб, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишган ва жамоат тартибини бузишган.

ИИБ барча сотувчилар 2022 йил давомида бир неча маротаба, охиргиси жорий йилнинг 3 январь куни эски бозор ҳудудида 4 январь куни бузиш ишлари бошланиши ҳақида огоҳлантирилганини таъкидламоқда.

Бозор ҳудудига жамоат тартибини тиклаш учун жалб қилинган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан 14 нафар ҳуқуқбузарлар ИИБга олиб келинган ва улар билан тушунтириш-профилактик ишлари олиб борилган.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан 6 нафар фуқарога БҲМнинг 3 баравари миқдорида, 3 нафар фуқарога БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима, 4 нафар фуқарога эса 5 сутка маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.