Сурхондарёда сиртлон ўлдирилганлиги ҳақдаги хабарга аниқлик киритилди
Ижтимоий тармоқларда сиртлон ўлдирилганлиги акс этган суратлар тарқалди. Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ҳолат ўрганилди.
Воқеа 2023 йилнинг октябрь ойи охири – ноябрь ойи бошларида Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Ободон” маҳалласида “Такатош” массивида фуқаро Ш.Х. томонидан содир этилганлиги аниқланди. Ҳолат натижасида табиатга 1 миллиард 60 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ўрганиш натижаларига кўра бир бош номаълум ҳайвоннинг суяклари топилиб, улар қайси ҳайвон турига тегишлилиги борасида илмий хулоса олиш мақсадида тегишли ташкилотларга жўнатилди. Хулоса олингач, ҳужжатлар чора кўриш мақсадида прокуратура органларига юборилади.
Жиноят кодексининг 202-моддасига кўра, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни нобуд қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шарҳлар