Сурхондарёни электр энергияси билан таъминлаш учун Ўзбекистон Тожикистондан қўшимча ҳажмларни импорт қилмоқда
Аномал совуқ даврида Сурхондарё вилоятида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Тожикистондан қўшимча электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди, дея хабар беради «Ҳудудий электр тармоқлари» Сурхондарё ҳудудий филиали матбуот хизмати.
18 январь куни Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларининг 90 фоиз ва Бойсун туманидаги электр энергия истеъмолчилари Сариосиё, Узун, Денов туманлари қатори Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220 кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали кучланиш билан таъминланди.
Вилоятнинг Термиз, Жарқўрғон туманларининг 30 фоизи, Музработ, Ангор, Шеробод туманларининг 10 фоизи ҳамда Термиз шаҳрининг электр энергия истеъмолчилари 196 МВт юклама билан Ўзбекистон орқали кучланиш билан таъминланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон 2018 йил апрель ойида Ўзбекистонга электр энергияни етказиб беришни бошланганди. Келишувларга кўра, импорт қилинадиган ҳажмлар талабга қараб ўзгартирилади.
Шарҳлар