Сурхондарёда содир бўлган ЙТҲда 5 киши вафот этган
Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 5 киши вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.
«Қайд этилишича, ҳолат 12 май куни соат 10:30 атрофида туманнинг Узунсой маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 59 ёшли ҳайдовчи Ш. Д. Tracker машинасида Тошкент-Шеробод йўналишида кетаётиб, бошқарувни йўқотган. Сўнгра машина йўл четида тўхтаб турган «ЗИЛ-130» юк машинасига урилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва унинг 59 ёшли турмуш ўртоғи М.Ш. ҳамда машинада йўловчи сифатида келаётган 44, 50 ва 70 ёшли 3 нафар аёл оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган», – дейилади хабарда.
Экспертиза ҳайдовчининг юраги тўхтаб қолганини тасдиқламоқда, дея қўшимча қилди вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.
Ҳолат юзасидан вилоят Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар