Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий тизим ташкилотларининг балансига ўтказилиши таклиф этилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Ушбу лойиҳа билан сув фонди ерлари, шу жумладан табиий сув манбалари ҳудудлари (дарёлар, сойлар, жилғалар, кўллар, ботқоқликлар ва булоқлар) Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий тизим ташкилотларининг балансига ўтказилиши таклиф этилмоқда.
Депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этган йиғилишда қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди. Уни биринчи ўқишда ялпи мажлисда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар томонидан берилган қатор таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг айримлари эътиборга олинадиган бўлди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши барча иқтисодиёт тармоқларининг ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, сув инфратузилмасининг ва суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Масъул қўмитада қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.
Шарҳлар